Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳатларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига ҳамда халқаро стандартлар талабларига мос келадиган олий таълим тизимини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудларда янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, кадрлар тайёрлашнинг замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ҳамда сиртқи ва кечки бўлимларнинг очилиши, олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг оширилиши мазкур йўналишдаги муҳим ислоҳотлар ҳисобланади.
Шу билан бирга олий таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга, республикада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги янгиланишларда ушбу муассасаларнинг фаол иштирокини таъминлашга тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммолар сақланиб қолмоқда, хусусан:
биринчидан, олий таълим тизимида ўқитишни ташкил этиш жараёни, таълим олаётган талабалар билимини баҳолаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти;
иккинчидан, профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини, билимини ва педагогик кўникмасини баҳолашнинг замонавий тизими мавжуд эмаслиги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда;
учинчидан, олий таълим муассасаларига кириш тест саволлари абитуриентнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини аниқлаш имконини бермаётганлиги иқтидорли ёшларни олий таълим муассасаларига қабул қилишда муаммолар келтириб чиқармоқда;
тўртинчидан, олий таълим муассасаларидаги таълим жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг ўрнатилмаганлиги ушбу соҳада кўплаб муаммоларнинг, энг аввало, коррупция ҳолатларининг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда;
бешинчидан, олий таълим муассасаларининг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ва тизимли ўзгаришлардаги иштироки ҳамда ташаббускорлиги сезилмаяпти, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолияти ҳанузгача қониқарсиз бўлиб қолмоқда;
олтинчидан, республикамизда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга, кенг жамоатчиликка тушунтиришда олий таълим муассасаларининг фаол иштироки йўлга қўйилмаган;
еттинчидан, олий таълим муассасалари инновацион ва технологик ғоялар билан фикр алмашадиган мулоқот марказларига айланмаган, тегишли соҳаларда мавжуд муаммо ва камчиликларни тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг ечими бўйича таклиф киритиш борасида профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабаларнинг ташаббус кўрсатишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмаган.
Олий таълим муассасаларида таълим сифатини тубдан такомиллаштириш, уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларнинг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб:
алоҳида таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати камида уч йил бўлган бакалавриат ҳамда камида бир йил бўлган магистратурани жорий этиш, бунда магистратурада мутахассислар тайёрлашни ишлаб чиқариш (амалий) (камида бир йил) ва илмий-педагогик (камида икки йил) йўналишларга ихтисослашган дастурлар асосида ташкил этиш;
олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш квоталаридан ташқари хорижий фуқароларни суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларнинг виза талабномаларига асосан ўқишга кириш истагини билдирган хорижий фуқароларнинг кириш визаларини ўрнатилган тартибда консуллик ва бошқа тўловларни ундирмаган ҳолда расмийлаштирсин.
3. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб таянч (етакчи) олий таълим муассасалари томонидан тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, мустақил равишда ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлаш тартиби жорий этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
а) икки ой муддатда Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин, бунда асосий эътиборни:
баҳолаш тизими ва мезонларини узлуксиз таълим тизимининг босқичларига мувофиқлаштиришга;
таълим йўналишларининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда талабалар билимини баҳолашнинг замонавий, шаффоф ва адолатли (автоматлаштирилган, портфолио, тест синовлари, ижодий иш, антиплагиат ва ҳ.к.) усулларини, шу жумладан, муайян фандан дарс берган педагогнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирокини истисно этадиган тизимни жорий этишга;
семестр якуни бўйича академик қарздор талабанинг қайта топшириши мумкин бўлган фанлар сонини белгилашга ва уларни топшириш муддатини ўзгартиришга қаратсин;
б) 2018 йил 1 декабргача бўлган муддатда олий таълим муассасалари битирувчиларини якуний давлат аттестациясидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
в) 2019 йил 1 мартгача бўлган муддатда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида “талабанинг ўзлаштириш даражаси – профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони” тамойилини жорий қилишнинг аниқ механизмларини белгилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрсин. Бунда ушбу тамойил талабларига жавоб бермайдиган профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган чоралар кўриш белгилансин;
г) 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг вақтини ўқув жараёнига хос бўлмаган ишларга сарфлашнинг олдини олиш ҳамда уларни талабалар билан кўпроқ ишлашга йўналтириш, шу жумладан, “устоз – шогирд” тизимини жорий этиш мақсадида ўқув юкламаларини ҳисобга олган ҳолда профессор-ўқитувчилар “вақт меъёрлари”нинг янги механизмларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
5. Олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқлансин.
Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар мазкур талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин.
6. Барча олий таълим муассасаларида самарали жамоатчилик назоратини жорий этиш мақсадида талабалар, ота-оналар, Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги фаоллари, кадрлар буюртмачилари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат таркибда жамоатчилик кенгашлари ташкил этилсин.
Қуйидагилар жамоатчилик кенгашларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
таълим сифати, профессор-ўқитувчиларнинг билими ва педагогик маҳорати, талабаларга яратилган шарт-шароитлар устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш;
олий таълим муассасаларига профессор-ўқитувчилар таркибига ишга қабул қилинаётган номзодлар бўйича тавсиялар бериш;
талабаларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг педагог кадрлар ҳақидаги фикрини тўлиқ ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказиш;
олий таълим муассасасидаги таълим жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва муассасанинг тегишли кенгаши муҳокамасига киритиш.
Жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасасидаги етакчиси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Олий таълим муассасалари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
7. Белгилансинки, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:
олий таълим муассасаларига профессор-ўқитувчилар таркибига ишга қабул қилиш тегишли кафедранинг кенгайтирилган очиқ мажлисида педагог кадрлар ва жамоатчилик кенгашининг аъзолари иштирокида синов дарси ўтказиш натижалари бўйича ушбу мажлиснинг тавсиясига кўра амалга оширилади;
Ўзбекистон ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви ҳамда қўшма таълим дастурлари асосида талабаларни ўқитишни ташкил этиш ва икки томонлама тан олинадиган диплом бериш амалиёти жорий этилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат
тест маркази Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда:
олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидаги тест саволларини тайёрлаш услубларини илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқсин ҳамда уларни такомиллаштириш бўйича таклифларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган энг юқори балл бериш ва ушбу фанлар тест синовидан озод қилиш тартибини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда олий таълим муассасаларининг иштироки ҳамда ташаббускорлигини ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш;
давлат ва жамият ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар ҳамда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳияти олий таълим муассасалари томонидан телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали кенг аҳоли эътиборига етказилишини таъминлаш;
ҳудудларни, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни жадал ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурлар лойиҳаларининг кенг муҳокамасида олий таълим муассасаларининг фаол иштирокини таъминлаш;
инновацион ва технологик ғояларни ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабаларнинг инновацион технологияларни яратиш борасидаги ташаббускорлигини ошириш юзасидан аниқ чоралар кўриш;
иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳалар ташкилотлари раҳбарлари, етакчи мутахассислари, фаол тадбиркорлар билан долзарб масалаларда семинар ва давра суҳбатларини доимий равишда ўтказиб бориш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларнинг ечимига қаратилган илмий-амалий изланишларни олиб бориш;
олий таълим муассасалари раҳбариятининг мамлакатни ислоҳ қилиш жараёнида фаол иштирок этиш борасидаги масъулиятини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар белгилаш, ҳар бир ректор ва проректор учун ушбу йўналишда алоҳида “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлаш, уларнинг ижросини назорат қилиш.
10. Белгилаб қўйилсинки:
олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори лавозими ўрнига ёшлар билан ишлаш бўйича проректори лавозими жорий этилади, ёшлар билан ишлаш бўйича проректорларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ёшлар сиёсати масалалари хизматига юкланади;
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар раҳбарлари – тегишли олий таълим муассасалари ректорлари ва проректорларининг, инновацион ривожланиш вазири – барча олий таълим муассасалари илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорларининг фаолияти натижаларини уларнинг “Йўл хариталари”да белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ҳар ойда камида бир марта танқидий муҳокама қилиб боради;
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар раҳбарларининг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда тегишли олий таълим муассасаларининг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан ҳисоботлари ҳар йили Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида муҳокама этилади;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муҳокама натижаларига кўра олий таълим муассасалари ректорларининг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги ёки нолойиқлиги масаласини кўриб чиқади;
олий таълим муассасалари ректорларининг фаолияти самарадорлигига баҳо беришда ўқув жараёнига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларнинг кенг жалб қилинганлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини очишда уларнинг ташаббускорлиги инобатга олинади.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда олий таълим муассасалари талабаларини илмий фаолиятга йўналтиришга ва уларда инновацион фикрлашни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда қуйидагилар назарда тутилсин:
янги ғоя ва ташаббусларни шакллантириш мақсадида ҳар бир олий таълим муассасасида “Ёш экспертлар гуруҳи”ни ташкил этиш;
ўқув машғулотларини талабаларни инновацион фикрлашга йўналтирадиган ўқитиш технологиялари ва интерфаол услубларни жорий этиш асосида ташкил этиш, асосий эътиборни талабаларнинг мустақил таълим олиши билан боғлиқ механизмларни амалга оширишга қаратиш;
ҳар бир олий таълим муассасасида 1-курс давомида саралаб олинган энг иқтидорли талабалар учун алоҳида гуруҳлар ташкил этиш (мазкур гуруҳлардаги талабалар сони олий таълим муассасаси томонидан белгиланади), 2-курсдан уларни ўқитишни алоҳида ўқув режа ва дастурлар асосида амалга ошириш, ушбу тоифадаги талабаларни магистратурага мақсадли қабул қилиш ва бу орқали олий таълим муассасалари кафедралари учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш.
12. Ёш олим ва талабаларга ҳамда ташаббускор фуқароларга мамлакатда инновацион ғоя ва технологияларни ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун топшириладиган “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони таъсис этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Ҳукумат қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳиятини телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларида тушунтириш бўйича чиқишларни ташкил этиш юзасидан ҳар бир олий таълим муассасасининг йиллик режа-графигини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг:
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 2 та штат бирлигини ажратган ҳолда Ахборот хизматини ташкил этиш;
олий таълим муассасалари тузилмаларида уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 1 тадан штат бирлигини ажратган ҳолда матбуот котиби лавозимини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:
а) олий таълим муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар, даврий журналлар билан таъминлаш, ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам равишда янгилаб боришни;
илғор хорижий ўқув ҳамда илмий адабиётлар ва журналларни харид қилиш ишларига кенг имкониятлар яратиш, энг янги хорижий адабиётларни таржима қилиш ва ўқув жараёнига жорий этишни назарда тутадиган Ҳукумат қарорини қабул қилсин;
б) Олий таълим муассасалари талабаларининг малака амалиётини ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
17. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:
а) бир ой муддатда қуйидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:
олий таълим муассасаларига халқаро илмий-техник маълумотлар базаларидан фойдаланишга шароитлар яратиш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий натижаларини халқаро миқёсда кенг нашр этиш, республика етакчи илмий журналларининг босқичма-босқич юқори импакт-факторга эга бўлишини таъминлаш;
олий таълим тизимида бошқарув жараёнларини ахборот-коммуникация технологиялари асосида оптималлаштириш, мавжуд ахборот тизимларини интеграциялаш, таҳлилий маълумотлар тайёрлашнинг самарали тизимларини жорий этиш;
б) абитуриентлар ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиш тизимини босқичма-босқич яратиш бўйича 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Маджидов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 5 июнь